126 ko'rilgan
3 МАРТА КЕЧГА ҚОЛГАНЛИГИМ САБАБЛИ МЕНИ ИШДАН БЎШАТИБ ЮБОРИШМОҚЧИ.

САВОЛ.
Assalomu alaykum yaxshimisiz men davlat tashkilotida  ishlayman 3 marta ishga kech kelganim sababli rahbar meni ishdan olmoqchi, bu qanchalik toʻgʻri? Мenga oʻz huquqlarimni himoya qilishimda yordam bering iltimos.

ЖАВОБ.

Мана шу жойида сизни ишга қанча вақт кечга қолганлигингиз қизиқ. Яъни, сиз ҳар бир ҳолатда қанча вақт кечикдингиз, 10 дақиқами, 15 дақиқами, 20-25 дақиқами, ёки 1 соатми, 2 ёхуд 3 соатми, қанча?

Албатта, ходим 3 марта ишга кеч қолишининг ўзи бирданига интизомий жазо сифатида ишдан бўшатиб юборишга олиб келмайди. Бироқ, ташкилотнинг ички меҳнат тартиби қоидаларида ходимни бир кун ичида қанчадир вақт ишда бўлмаслиги меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузилиши сифатида кўрсатилган бўлса, бу ҳолат ишдан бўшатишга асос сифатида қабул қилиниши мумкин.

Чунки, Меҳнат кодексининг 161-моддаси иккинчи қисми 5-банди ва 312-моддасига кўра ходим ўз меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузадиган бўлса, у билан тузилган меҳнат шартномаси интизомий жазо сифатида бекор қилиниши мумкинлиги кўрсатилган.

Меҳнат кодексининг 162-моддасида эса ходимлар томонидан меҳнат мажбуриятларининг бир марта қўпол бузилиши ҳолатлари рўйҳати шу ташкилотнинг ички меҳнат тартиби қоидаларида кўрсатилган бўлиши шарт.

10 ёки 20 дақиқа кечга қолганлик фактининг меҳнат мажбуриятларининг бир марта қўпол равишда бузилиши сифатида ички меҳнат тартиби қоидаларига киритилиши жуда-жуда кам учрайдиган ҳолат.

Амалиётда биз бир кунда 3 ёки 4 соат давомида ишда бўлмаслик ҳолатини мажбуриятни бир марта қўпол равишда бузиш сифатида белгиланганига кўп гувоҳ бўламиз.

Маслаҳатим, сиз ҳам ташкилотдаги Ички меҳнат тартиби қоидаларига ва ундаги “меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузилишлар рўйҳати”га қаранг. Унда, қанча вақт кеч қолиш ПРОГУЛ СИФАТИДА ана шу рўйҳатга киритилганини аниқланг. Агар сизнинг ҳар бир кечга қолишингиз масалан, 10-20 дақиқа атрофида бўлган бўлса, катта эҳтимол билан бу юқоридаги рўйҳатга бўлмайди ва бу вазиятда сизни ишдан бўшатиш ноқонуний бўлиб қолади.

Агарда, кечга қолиш ҳолатларингиз (ҳар бири ёки улардан биттаси) 3 ёки 4 соат атрофида бўлган бўлса, бу факт Ички меҳнат тартиби қоидаларида ишдан бўшатишга асос бўладиган прогул ҳолати сифатида киритилган бўлиши мумкин. Бундай ҳолатларда, агарда узрли сабабларни тақдим эта олмасангиз, иш берувчи сизни ишдан бўшатишга ҳақли бўлиб қолади.

Ҳуллас, ташкилотингиздаги Ички меҳнат тартиби қоидаларига боғлиқ ҳаммаси.
Bu mavzu Sud va huquqiy maslaxatlatlar bo'limida 08 Yan da maqola yozgan. | 126 ko'rilgan