174 ko'rilgan
КАСАЛЛИК ВАРАҚАСИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШДА ФУҚАРОДАН ПАСПОРТ НУСХА ТАЛАБ ҚИЛИНИШИ НОТЎҒРИМИ?

САВОЛ.
Мен давлат тиббиёт муассасасида хамшира бўлиб ишлайман. Саволим фуқароларга касаллик варақасини расмийлаштиришда улардан паспорт копиялари талаб қилинмайдими? Бизга мумкин эмас, акс ҳолда жарима солинади дейишяпти. Бизда ҳали электрон тизимга тўлиқ ўтганимиз йўқ. Муаммони қандай ҳал қилса бўлади?

ЖАВОБ.

Ҳақиқатдан ҳам, Президентимизнинг 2021 йил 23 мартдаги ПФ-6191-сонли фармони (4-банди)га асосан, 2021 йил 1 июндан бошлаб давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат ташкилотлари ва муассасалари томонидан аҳоли ва тадбиркорлардан бир қатор ҳужжатлар билан бирга шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхасини талаб қилиш ҳам бекор қилинган.

Бунда Фармонга кўра, давлат ташкилотлари жисмоний шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда, юқорида кўрсатилган тутилган ҳужжат ва маълумотларни мазкур Фармонга 1-иловада белгиланган масъул идоралардан мустақил равишда, шу жумладан «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олиши керак. Яъни, масалан, фуқаронинг биометрик паспорти, ID-карталари тўғрисидаги маълумотлар юқоридаги платформа орқали электрон тарзда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Персоналлаштириш марказидан олиниши керак.

Қаранг, Адлия вазирлигидан 2015 йил 17 апрелда 2667-сон билан рўйҳатга олинган “Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисида”ги йўриқномани 49-бандида меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва маълумотномалари паспорт ёки идентификация ID-картаси асосида, тузатиш ва қисқартиришларсиз, кўк ёки қора рангли ручкада расмийлаштирилиши кўрсатилган.

Бундан кўринадики, касаллик варақасини расммйлаштириш учун фуқаронинг паспорти ёки ID-картаси керак, бусиз ҳужжатни тузиб бўлмайди.

Эътибор беринг, мавжуд вазиятда нима ва қандай ҳаракат қонунбузарлик бўлади? ПФ-6191-сонли Фармонга асосан фуқародан паспорт ёки ID картасининг нусхасини талаб қилиш қонунбузарлик бўлади.

Сиз ишлаётган ташкилот тегишли электрон платформага интеграция қилинмаган бўлса ҳам ва шунга кўра паспорт ёки ID карта ҳақидаги маълумотларни мустақил олиш имкони бўлмаса ҳам барибир фуқародан бу ҳужжатларидан нусха беришни талаб қилманг. Маслаҳатим, унда турган паспорт ёки ID картасини сўраб олингда, ҳужжатларни расмийлаштираверинг. Яна қайтараман: ҳужжатдан нусха беришни талаб қила кўрманг.

P/S: Шу, давлат тиббиёт муассасаларини тўлиқ электрон тизимга ўтказиш жуда қийин кечяптида. Менимча, бунга шу ишларни жорий этиш соҳасида кадрлар қўнимсизлиги авж олгани ҳам сабаб бўлса керак.
Bu mavzu Sud va huquqiy maslaxatlatlar bo'limida 15 Yan da maqola yozgan. | 174 ko'rilgan