37 ko'rilgan
⁉️ Ишончнома билан нималар қилиш мумкин?

     Ишончнома – вакиллик ҳужжати. Кундалик ҳаётимизда одамлар билан турли хил ижтимоий муносабатларга киришамиз. Масалан, савдо юзасидан, таълим, ишлаб чиқариш, меҳнат ва бошқа соҳаларда. Бу бизда мазкур муносабатлар юзасидан муайян хатти-ҳаракатларни амалга ошира олиш ҳуқуқи (ваколати) мавжудлигини билдиради. Ушбу ваколатларни бевосита ўзимиз амалга оширишимиз мумкин. Шунингдек, бошқа шахсга ўзимиз номимиздан иш кўриши учун ваколат топширишимиз ҳам мумкин. Мана шу ваколат акс этувчи ҳужжат ишончномадир.

     Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 316-моддасига кўра:

     “Бир шахс (ишонч билдирувчи) томонидан иккинчи шахсга (ишончли вакилга) учинчи шахслар олдида вакиллик қилиш учун берилган ёзма ваколат ишончнома ҳисобланади. Ишончли вакил ўзига ишончнома билан берилган ваколатлар доирасида иш олиб боради”.

     Бошқача қилиб айтганда, ишончнома вакил учун учинчи шахслар олдида ваколат берувчининг номидан юридик ҳаракатларни амалга ошириш мақсадида берилади. Дейлик, шахс ўзида мавжуд ҳуқуқларини жисмоний жиҳатдан улгуролмаслиги, узоқда эканлиги ёки бошқа сабабларга кўра амалга ошира олмайди. Бу ҳуқуқларни билвосита амалга ошириш учун вакилга ўзининг ваколатларини ишончномада аниқ белгилаб, топширади. Бунда вакилнинг ўзига нисбатан ҳеч қандай ҳуқуқий оқибат келиб чиқмайди. Яъни вакилнинг ҳаракатларидан келиб чиқувчи ҳуқуқ ва бурчлар ишонч билдирувчига тегишли бўлади.

     Ишончнома орқали судда қатнашиш, автомобилни бошқариш, шартнома имзолаш, уй-жойни сотиш, нафақа пулини олиш ва бошқа ҳаракатларни амалга ошириш мумкин.
Bu mavzu Sud va huquqiy maslaxatlatlar bo'limida 26 Noy, 23 da maqola yozgan. | 37 ko'rilgan