93 ko'rilgan
Ўқитувчи дарсларни ўз вақтида ўтмаса, унга қандай чора кўриш мумкин?

@Yurist_Xizmati 4214-савол:

Ассалому алайкум фан укитувчиси дарсларни вактида утмаса кандай чора бор?

ЮРИСТ ЖАВОБИ:

1⃣ Биринчидан, ўқитувчи ишга келмаса, дарсларини ўз вақтида ўтмаса, табелга тегишли белги қўйилади.

Бюджет ташкилотларида бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги Йўриқнома (рўйхат рақами 2169)нинг 285-бандига кўра ойнинг охирида табел бўйича ишланган кунларнинг умумий миқдори, шунингдек, ортиқча ишланган соатлар аниқланади. Тўлдирилган ва тегишли имзолар билан расмийлаштирилган табел ва бошқа ҳужжатлар белгиланган муддатда иш ҳақи ҳисоблаб ёзиш учун бухгалтерияга топширилади.

☝️Шу қоидага кўра ўқитувчи ишга келмаса, унда Бюджет ташкилотларида бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги йўриқномага 55-иловада белгиланган П (прогуллар) белгиси қўйилади.

 

2⃣ Иккинчидан, Халқ таълими вазирининг 2022 йил 24 июндаги 205-сон буйруғи 1-иловаси билан тасдиқланган кўрсатмаларнинг 11-бандига мувофиқ “Kundalik” электрон синф журналига ўз вақтида белгиларнинг қўйилмаслиги ўқитувчи дарс ўтмаганлигини билдиради ва ушбу дарс учун иш ҳақи тўланмайди. Шундан сўнг тегишли тартибда унга нисбатан интизомий таъсир чораси кўриш бошланади.

❗️Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси 312-моддасига мувофиқ ходимга меҳнат интизомини бузганлиги учун иш берувчи қуйидаги интизомий жазо чораларини қўллашга ҳақли:

1) ҳайфсан;

2) ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима.

3) меҳнат шартномасини бекор қилиш (100-модда иккинчи қисмининг 3 ва 4-бандлари).

Ушбу кодекс 313-моддасига кўра юқоридаги жазо турлари фақат уни қўллашга ваколатли шахслар томонидан берилиши мумкин. Таъкидлаш лозимки, интизомий жазо чорасини қўллашда содир этилган қилмишнинг оғир-енгиллиги, унинг содир этилиши ҳолатлари, ходимнинг аввалги иши ва хулқ-атвори ҳисобга олинади.

Эътибор беринг! 313-модданинг иккинчи қисмида интизомий жазо қўлланилишидан аввал ходимдан ёзма равишда тушунтириш хати талаб қилиниши лозимлиги айтилмоқда.

Шунингдек, ходимнинг тушунтириш хати беришдан бош тортиши унинг илгари содир қилган ножўя хатти-ҳаракати учун жазо қўллашга тўсиқ бўла олмайди.

❗️Демак, ишга келмаган ходимларга юқоридаги интизомий таъсир чораларидан бирини қўллаш мумкин. Бунда биринчи навбатда ходимдан тушунтириш хати олиш лозим. Агар у тушунтириш хати ёзишдан бош торса, унда далолатнома тузиш мумкин бўлади. МК 313-моддасига кўра буйруқ чиқарилади ва ходимга тилхат олган ҳолда буйруқ таништирилади.
Bu mavzu Sud va huquqiy maslaxatlatlar bo'limida 11 Noy, 23 da maqola yozgan. | 93 ko'rilgan