67 ko'rilgan
❗️ХОДИМ ЮҚОРИ ТАШКИЛОТГА МУРОЖААТ ҚИЛИШИ МУМКИН ЭМАСМИ?

Кеча бир қизиқ мурожаат бўлиб қолди. Бир ходим октабр ойидаги иш ҳақи қачон тушишини аниқлаштириш мақсадида молия органларига мурожаат қилиб, жавоб олибди.

Бундан хабар топган раҳбар барча ходимларни мажлисга чиқариб, ушбу масалани муҳокама қилиб ходимларга нима муаммо бўлса, ўзига чиқишини, бирор органга мурожаат қилмасликни айтибди.

Қизиқ одамлар бор-а. Одамлар ўз ҳуқуқини амалга ошириш ёки бузилган ҳуқуқини тиклаш учун ариза, шикоят ёки таклиф билан мурожаат қилиши сиёсий ҳуқуқлардан бири саналади.

Шу туфайли Ўзбекистон Республикаси Конститутсиясининг 40-моддасида бу ҳақида алоҳида қоида белгиланган. Унга кўра:

“Ҳар ким бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда давлат органларига ҳамда ташкилотларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, мансабдор шахсларга ёки халқ вакилларига аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга”.

Шунингдек, Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳам айнан давлат органлари ва муассасаларига, шунингдек уларнинг мансабдор шахсларига жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари оҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида қабул қилинган.

Корхоналарда меҳнат шартномалари ва бошқа локал ҳужжатларда ходимларнинг мурожаат қилишини чеклашга қаратилган ҳар қандай шарт ўз ўзидан ҳақиқий саналмайди. Бу Меҳнат кодексининг 17-моддасида мустаҳкамланган.

❗️Шу туфайли айрим раҳбарларга ходимларининг мурожаат қилишини чекламасликни сўраб қолардик. Сиз ҳар қанча чеклов қўйсангиз ҳам, ушбу чекловлар ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.
Bu mavzu Sud va huquqiy maslaxatlatlar bo'limida 15 Noy, 23 da maqola yozgan. | 67 ko'rilgan