78 ko'rilgan
КАФЕ-РЕСТОРАНЛАРНИНГ ХОДИМЛАРИ ҲАМ ТИББИЙ КЎРИКДАН ЎТИШГА МАЖБУРМИ?

САВОЛ.
Ассалому алайкум. Узр, безовта килдим. Кадрлар бўйича саволим бор эди. Ресторанда ишлаётган хамма ходимлар, шу жумладан директор, бухгалтер, ошпаз ва официантлар 086-форма ёки мед.книжка такдим қилишлари мажбурийми?

ЖАВОБ.

Меҳнат кодексининг 360-моддасига асосан озиқ-овқат саноатида, савдода ва бевосита аҳолига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлган бошқа тармоқларда иш билан банд бўлган шахслар ҳам мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши керак бўлган шахслар қаторига киритилган. Адлия вазирлиги томонидан 2012 йил 29 августда 2387-сон билан давлат рўйҳатидан ўтказилган “Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 3-иловасига асосан умумий овқатланиш ташкилотларида ишловчилар, ресторан кафе, ошхона, буфетлар ва бошқа умумий овқатланиш шохобчалари ходимлари ҳам мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши шарт. Демак, сиз айтган ходимларнинг мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши кераклиги юқоридаги қонун ва қонуности ҳужжатлари билан белгилаб қўйилган.

Мажбурий тиббий кўрик 2 турга бўлинади: дастлабки ва даврий тиббий кўрикдан ўтиш.

Дастлабки тиббий кўрикдан ўтиш деганда биз, шахсни ишга қабул қилишдан аввал, яъни меҳнат шартномаси тузилишидан аввалги тиббий кўрикни тушунамиз. Даврий тиббий кўрик деганда эса, ходимга ишга кирганидан кейинги меҳнат фаолияти даврида муайян давр оралиғида вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказилишини тушунамиз.

Масалан, умумий овқатланиш ташкилотларида ишловчилар, ресторан кафе, ошхона, буфетлар ва бошқа умумий овқатланиш шохобчалари ходимлари дастлабки тарзда, яъни ишга киришдан олдин ҳам, даврий равишда ҳам, яъни вақти-вақти билан (2387-сонли низомнинг 3-иловасига асосан ҳар 1 йилда 2 марта) мажбурий тиббий кўрикдан ўтишлари керак. Ҳар икки турдаги тиббий кўрик ҳам иш берувчи томонидан ташкиллаштирилади ва бунда ходимлар чиқимдор бўлмайди, яъни тиббий кўрик ҳаражатлари ҳам, ташкилий масала ҳам иш берувчилар зиммасига тушади (МК 360-моддаси).

▪️Фуқаро мажбурий тиббий кўрикдан ўтиш шарт бўлган ишга кириш учун мурожаат қилганда, иш берувчи уни ишга қабул қилмоқчи бўлса, уни дастлабки тиббий кўрикдан ўтиши учун тиббий кўрикни ўтказувчи тиббиёт муассасасига тегишли тартибда йўлланма беради. Тиббиёт муассасаси иш берувчи томонидан берилган йўлланма асосида бўлажак ходимни тиббий кўрикдан ўтказиб, бу ҳақида тиббий комиссиянинг ҳулосасини тақдим этади (тиббий ҳулоса ўша йўлланманинг тегишли қисмига ёзилади). Бунда бўлажак ходим, тиббиёт муассасасига иш берувчининг йўлланмасини, ўзининг паспортини ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатини тақдим этади (2387-сонли Низомнинг 12-банди).

Агар тиббий хулосада тиббий кўрик натижалари ижобий бўлса, бу шахсни ишга қабул қилиш ва у билан меҳнат шартномасини тузиш учун асос бўлади. Агар тиббий кўрик натижаси салбий бўлса, иш берувчи фуқарони ишга қабул қилишни рад этишига асос бўлади.

▪️Шунингдек, даврий, яъни вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтиш ҳам иш берувчи томонидан ташкиллаштирилади ва бунда вақти-вақти билан ўтказилган тиббий кўриклар натижаси бўйича тиббий комиссия томонидан далолатнома тақдим этилади (2387-сонли Низомнинг 25-банди).

Демак, дастлабки тиббий кўрикдан ўтиш натижалари ҳақида тиббий комиссиянинг тиббий ҳулосаси тақдим этилса, даврий тиббий кўрик натижалари ҳақида тиббий комиссиянинг далолатномаси тақдим этилади.
Bu mavzu Sud va huquqiy maslaxatlatlar bo'limida 04 Yan da maqola yozgan. | 78 ko'rilgan

O'xshash maqolalar bilan tanishing